(Берлин, 2026 йил 18 июнь) – Ўзбекистон ҳукумати товламачиликда айбланган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиши ва унинг ички ишлар ҳибсхонасида зўравонликка учрагани ҳақидаги даъволарини тергов қилиши керак, деди Human Rights Watch бугун. Ҳуқуқ ҳимоячиси Жавоҳир Мўминов 2026 йил 10 июнь куни адвокатига ҳибсга олинганидан сўнг ички ишлар ходимлари уни калтаклаб, бўғишганини айтган.
“Жавоҳир Мўминовга нисбатан ушбу жиноий тергов, унинг кўпол муомалага дуч келгани тўғрисидаги баёнотлари билан биргаликда, Ўзбекистон тарихидаги анча қоронғу даврни эслатади,” - деди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта маслаҳатчиси Мира Риттман. “Расмийлар Мўминовни зудлик билан озод қилиши, унинг шафқатсиз муомала ва қийноққа учрагани ҳақидаги даъволарини текшириши ва унга шошилинч ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаши керак.”
“Мўминовга қарши очилган иш унинг ўзи ва адвокати томонидан айтилаётган шафқатсиз муомала ёки қийноқ ҳақидаги даъволар туфайли жиддий шубҳа остида қолмоқда. Human Rights Watch’нинг айтишича, Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бу даъволарни мамлакатнинг халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларига мувофиқ равишда зудлик билан текшириши керак”.
34 ёшли Мўминов мамлакатда анча йиллар олдин рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири “Эзгулик” жамиятининг аъзосидир. У ўзининг Telegram каналида Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликлар ва бошқа воқеалар, жумладан, ўзи яшайдиган Қашқадарё вилоятида коррупция ҳамда ички ишлар ходимларининг ўз ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни ёритиб борган. Шунингдек, у Қашқадарё вилояти фермерлариинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланган.
“Жиноий тергов ва фаолнинг ҳибсга олиниши Мўминовнинг сўнгги бир ярим йил давомида маҳаллий фуқаро Жўра Акбаровга икки суд ижрочиси билан курашда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам бериш ҳаракатларидан кейин содир бўлди”, – дея хабар берди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Абдурахмон Ташанов. Маълум бўлишича, 2025 йил январь ойида суд ижрочилари Акбаров билан алимент ундириш бўйича юзма-юз келиб, унинг қўлини синдирган ва бошқа тан жароҳатлари етказган.
5 июнь куни Қарши шаҳар ички ишлар бўлими Мўминов, Акбаров ва унинг рафиқаси Санобар Боротовани “жуда кўп миқдорда товламачилик” жиноятини содир этганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Бу жиноят учун энг кўпи билан 15 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Ҳибсга олишга шу куни расмийлаштирилган шикоят асос бўлиб, унда Мажбурий ижро бюросининг икки нафар ходими ушбу уч шахсни улардан 220 миллион сўм олишга уринишда айблаган. Мўминовнинг адвокати Human Rights Watch ташкилотига маълум қилишича, ўша куни ходимлардан бири Акбаровнинг рафиқаси ҳисоб рақамига 50 миллион сўм ўтказган. Бу маблағ эса аслида 2025 йилда Акбаров олган жароҳатлар билан боғлиқ тиббий харажатларни қоплаш учун тўланган эди.
2025 йил январь ойида суд ижрочилари Акбаровнинг қўлини синдириб, унга бошқа жароҳатлар етказганидан сўнг, Акбаров уларга қарши шикоят қилган. Прокуратура “баданга қасддан ўртача оғир шикаст етказиш” айблови бўйича жиноий иш қўзғатди, аммо фақат кичикроқ лавозимдаги мансабдор шахсга нисбатан. Кейин 2026 йил 15 январда Акбаров Ўзбекистон Президентига йўллаган Telegram видеосида, ички ишлар органи юқори лавозимдаги суд ижрочисини жавобгарликдан ҳимоя қилаётганини айтган.
8 май куни Косон туман суди кичик суд ижрочисини қасддан баданга шикаст етказганликда айблаб, икки йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.
“Мўминов, Акбаров ва Боротова иши бўйича ҳар қандай самарали текшириш суд ижрочиси қасос олиш мақсадида уч кишини товламачиликда ёлғон айблагани ёки йўқлигини жиддий кўриб чиқиши керак,” - деди Human Right Watch.
Ташкилот, шунингдек, бундай шубҳали айбловлар бўйича тергов жараёнида учаласини ҳам икки ойгача ва эҳтимол ундан кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш инсон ҳуқуқлари нормаларига кўра асоссиз эканлигини айтди. Ўзбекистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иштирокчиси сифатида ҳеч ким суд муҳокамасини кутиб, умумий қоидага кўра ҳибсда сақланмаслигини таъминлаши керак ва бундай ҳолатда, жумладан, айблов эълон қилинмаганда ва гумон қилинаётган айблар шубҳали бўлганда, ҳамда зўравонликсиз жиноят содир этилганда, дастлабки қамоққа олиш ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳисобланади.
10 июнь куни Мўминовнинг адвокатлари у билан Қарши шаҳридаги тергов ҳибсхонасида учрашишга уринган. Ходимлар икки адвокатдан мобил телефонларини хонада қолдириб қиришларини талаб қилганида, Мўминовнинг адвокатларидан бири Лазизжон Шарипов уларнинг талаби ноқонуний эканини айтиб, буни бажаришдан бош тортган.
Унинг сўзларига кўра, шу пайт бир ходим уни ҳақорат қила бошлаган, иккинчиси эса куч билан чап қўлидан ушлаб, орқасига қайириб, йўлак бўйлаб итариб юборган ва натижада уларнинг қўлларида кўкариш излари пайдо бўлган. Шарипов Human Rights Watch ташкилотига маълум қилишича, у Қарши шаҳар прокуратурасига бу хатти-ҳаракат юзасидан шикоят қилиш мақсадида мижози билан учрашмасдан муассасани тарк этган.
Шариповнинг ҳамкасби Мўминов билан учрашган, у адвокатга ички ишлар ходимлари уни пластик пакет билан бўғиб айбига иқрор бўлишга мажбурлаш учун калтаклашганини айтган. Учрашувдан сўнг Мўминовнинг адвокати Қарши шаҳар прокуратурасига Мўминовга нисбатан шафқатсиз муомала ва тан жароҳати етказилганлиги ҳақидаги даъволари бўйича иккинчи марта шикоят қилди, дея тасдиқлади Шарипов.
Шарипов мутасаддилардан Мўминовни суд-тиббий экспертизадан ўтказишни талаб қилган бўлса-да, у Мўминовнинг шикоятини текшириш ёки ҳибсда унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича прокуратура томонидан бирор-бир чора кўрилганидан бехабар, деди Шарипов Human Rights Watch’га.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Ўзбекистон расмийларини Мўминов ва ҳибсга олиниши халқаро стандартларга кўра ноқонуний ва ўзбошимчалик билан бўлган бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларни озод қилишга чақириши керак.
“Айбланувчи озод қилиниши ва Мўминов ўч олиш учун ҳибсга олиниш ёки шафқатсиз муносабатдан қўрқмасдан инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятини давом эттириши керак,” - деди Риттман. “Ўзбекистон ҳукумати, шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида Мўминовнинг шафқатсиз муомала ҳақидаги даъволарини зудлик билан текшириши ва у ҳар қанча муддат давомида ҳибсда сақланадиган бўлса, унинг хавфсизлигини кафолатлаши керак.”