2024 йилда давлат идоралари инсон ҳуқуқлари соҳасига доир фаолиятларни тобора кўпроқ босим остига олиб, фаоллар, блогерлар ва бошқаларни асоссиз жиноий айбловлар, жумладан “интернетда Президентни ҳақорат қилиш” билан ҳам таъқиб қилди. Камида иккита блогер озодлик, хавфсизлик ва соғлиққа бўлган ҳуқуқларидан маҳрум этилган ҳолда мажбурий психиатрик ҳибсда сақланмоқда. Ваъда қилинган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари яна пайсалга солинди. 2022 йил июль ойида Қорақалпоғистон автоном Республикасидаги норозилик намойишларини бостириш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳаддан ортиқ куч ишлатилганлик учун масъуллар ҳамон жавобгарликка тортилгани йўқ. Эркаклар ўртасидаги ўзаро розилик асосидаги бир жинсли муносабатлар ҳамон жиноят ҳисобланади. Қийноқлар, шафқатсиз муомала ва оилавий зўравонлик учун жазосизлик одатий ҳол бўлиб қолмоқда.
Ҳисобдорлик ва одил судлов
2022 йил июль ойида Қорақалпоғистон автоном Республикасида 21 киши ҳалок бўлган намойишларни бостириш мақсадида ҳаддан ортиқ куч ишлатганликлари учун юқори мартабали амалдорларни жавобгарликка тортиш учун давлат 2024 йилда ҳеч қандай чоралар кўрмади. 26 декабр куни норозилик намойишлари пайтида ва ундан кейинги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш вазифаси юклатилган комиссия ўз ҳулосасини парламентга тақдим этди, бироқ ҳисобот ёзилган вақтдан бошлаб ҳанузгача оммага очиқланмади.
23 июль куни эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2023 йилнинг январида ноҳақ 16 йилга озодликдан маҳрум этилган қорақалпоғистонлик фаол ва адвокат Даулетмурат Тажимуратовнинг апелляция шикоятини рад этди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор унга нисбатан қамоқхонадаги муомала юзасидан хавотир билдирган.
Фуқаролик жамияти
2024 йилда ҳукумат мустақил фаолларни асоссиз жиноий айбловлар билан нишонга олиб, мустақил кузатувчиларнинг мамлакатга киришига тўсқинлик қилди.
22 февраль куни Қорақалпоғистондаги мухолиф “Алға Қарақалпағистан” гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарори билан “экстремистик” деб топилиб, Ўзбекистонда унинг фаолияти тақиқланди. Май ойи охирларига келиб, Қорақалпоғистон суди Параҳат Мусапбаровни “тақиқланган экстремистик ташкилотга аъзолик” айблови билан олти йилга озодликдан маҳрум қилди.
30 апрель куни ички ишлар органлари андижонлик ҳуқуқ фаоли Дилмурод Муҳитдиновни товламачилик, шахс шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби жиноий айблов билан ҳибсга олди. Айрим маҳаллий фаоллар унинг ҳибсга олинишини ҳукуматни танқид қилувчи хабарлар тарқатиши орқали танилган “Аччиқ ТВ” маҳаллий ахборот агентлиги билан ҳамкорлиги туфайли содир бўлганидан хавотир билдиришган. Ноябрь ойи ўрталарида Муҳитдинов етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.
Май ойида ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сахарова онлайн таъқибга учраб, аноним фойдаланувчи унга таҳдид қилган ва беҳаё ҳақоратларни йўллаган.
18 июль куни Қашқадарё суди фаоллар Дилдора Хакимова ва Наргиза Келдиёроваларни вилоят таълим тизими соҳасидаги коррупция ҳолатларини танқид қилишлари ортидан шубҳали товламачилик айблови билан олти йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилди. 6 ноябрда апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Апрель ойи бошида ички ишлар органлари оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузганлик иддаоси билан “ArtDocFest Asia” тадбирини тўхтатиб, фестиваль бўлиб ўтган санъат галереяси асосчиси Тимур Карповни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “хабар бериш тартиби”ни бузганлиги учун жаримага тортди.
19 сентябрь куни Адлия вазирлиги ходимлари хотин-қизлар нодавлат ташкилот раҳбарларининг “Жамият бирдамлиги платформаси” номли тадбирини тўхтатиб қўйди. Расмийлар қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаиловага “рухсат этилмаган” ННТ тадбирини ташкил қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишди.
Парламент июнь ойида ҳокимият органларига "Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зидбўлган, давлатлараро, миллий, ирқий ва диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи” чет эл фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни “номақбул” деб белгилашга рухсат берувчи ва уларни беш йилгача мамлакатга киришини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни қонунни имзолади.
БМТнинг муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал август ойида Ўзбекистондаги сафарини якунлаши чоғида “мажбурий кўчириб чиқаришдан жабрланганлар, уй-жой ҳуқуқлари ҳимоячилари, адвокатлар, блогерлар ва турар-жойларнинг ўзбошимчалик билан бузилиши ҳақида хабар берган журналистлар қўрқитишга дучор бўлгани, жиноий жавобгарликка тортилгани ёки шубҳали асослар билан ҳибсга олингани” юзасидан хавотир билдирди.
2024 йилда икки марта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Human Rights Watch” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта илмий ходими томонидан Ўзбекистонга кириш визаси олиш учун ариза сўровларни жавобсиз қолдириб, унинг Ўзбекистонга ташриф буюришига тўсқинлик қилинди.
Сўз эркинлиги
Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлигига қарши курашни кучайтириб, танқидий блогерларни уйдирма жиноий айбловлар билан қамади ва фуқароларни “интернетда Президентни ҳақорат қилгани” учун беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Йигирма етти ёшли Д.Турсунов 2024 йил март ойида Президент ҳақида интернетда қолдирган изоҳлари учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган. 2021 йилги президент сайловлари олдидан Президент Мирзиёевни танқид қилгани ортидан 2021 йил августда ички ишлар органлари томонидан “Президентни интернетда ҳақорат қилиш”да айбланиб ҳибсга олинган блогер Валижон Калонов ҳануз мажбурий психиатрик муассасада ҳибсда қолмоқда. Яна бир блогер Шоҳида Саломова ҳам худди шундай Тошкентдаги руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда. Президент Мирзиёевнинг 2020 йилдаги туҳмат ва ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, ҳар иккала ҳуқуқбузарлик жиноят эканлигича қолмоқда.
30 апрелда суд Ўзбекистон фуқароси Севара Шайдуллаевани Youtube тармоғидан марҳум президент Ислом Каримовнинг 1991 йилда исломчилар билан мулоқоти акс этган видеони юклаб олиб онасига жўнатгани сабабли уни “Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга очиқ чақириқни ўз ичига олган материалларни қасддан сақлаш ва тарқатиш”да айбдор деб топди. У 30 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Қийноқлар ва шафқатсиз муомала
Қийноқлар ва шафқатсиз муомала жиддий муаммолигича қолиб, ички ишлар органлари маҳбусларни калтаклайди ва улар бунинг учун жавобгарликка тортилмайди. Май ойида Тошкент ички ишлар ходимлари маҳбус Денис Николаевни қўллари кишанланган ҳолатида швабра билан калтаклаган. Июнь ойида бир милиция ходими Дилмурод Юсупалиевнинг ўлимига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Юсупалиев “жамоат тартибини бузганиликда” айбланиб Тошкент вилояти ИИБда ҳибсда сақланаётганида олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. У билан бирга ҳибсда бўлган акасининг айтишича, укасини калтаклашда саккизта милиция ходими иштирок этган ва у бошқа ходимларни ҳам ҳибсга олишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси март ойида Ўзбекистонни “қийноқлар ва шафқатсиз муомалага барҳам бериш бўйича қатъий чоралар кўришга” чақирди.
Дин эркинлиги
Ўзбекистон ҳукумати диний жамоаларни рўйхатга олишни рад этиб, собиқ диний маҳкумларни ўзбошимчалик билан назорат қилиш ва мусулмонларни умумий ва мавҳум экстремизм айбловлари билан таъқиб қилиш орқали диний эркинликни чеклайди. 2024 йилда 23 нафар мусулмондан иборат камида икки гуруҳ Ўзбекистонда тақиқланган диний оқим Ҳизб-ут-Таҳрирга аъзоликда айбланиб ҳибсга олиниб, бу марҳум президент Ислом Каримов даврида кенг тарқалган репрессив амалиётга қайтишдир.
Дин эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани ортидан муқаддам қамалиб чиққан Хайрулло Турсунов июнь ўрталарида қайта ҳибсга олинди. Буни ёзиш вақтида у хамон тергов ҳибсхонасида эди. Февраль ойида суд икки Яҳованинг Шоҳидини прозелитизм учун жаримага тортди.
Ўзбекистон парламенти ўз фарзандларига 18 ёшга қадар “ноқонуний” диний таълим олишга рухсат берган ота-оналар ёки васийларга жазо чораларини жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. ОАВ ва диний эркинлик масалаларини кузатувчилар ИИБ ходимлари томонидан узун соқолли эркакларни ҳибсга олиш, уларни соқолларини олишга мажбурлаш ва жаримага тортиш каби ҳолатлар ҳақидаги вақти-вақти билан хабар беришда давом этмоқда.
Мажбурий меҳнат
Мустақил меҳнат ҳуқуқлари кузатувчилари томонидан 2024 йил февралда эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2023 йилги ҳосил мавсуми давомида пахта теримчилар етишмайдиган туманларда расмийлар режани бажариш учун теримчи ёллашда мажбурлаш амалиётига мурожаат қилган. Мажбурий меҳнат хавфи пахтачилик соҳасида сақланиб қолиб, пахта терими ва умуман қишлоқ хўжалиги сектори устидан давлат назорати давом этмоқда ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқи ҳали ҳам етарлича ҳимояланмаган. Қишлоқ хўжалиги ишчилари ва фермерлар уюшмалар тузиш ҳуқуқлари борасида чекловларга дуч келишда давом этишган.
Январ ойида Ички ишлар вазирлиги ходими “Ўзбек форум” ташкилоти кузатувчисига жиноий айбловлар билан таҳдид қилиб, кузатувчи қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида хабар бериш орқали ўз ҳаётини хавф остига қўяётганлигини айтган. 18 апрелда ҳукуматпараст блогер ва яна бир киши ҳуқуқ ҳимоячилари Умида Ниязова ва Шарифа Мадраҳимоваларни Фарғона вилоятида меҳнат ҳуқуқлари мониторингини олиб бораётгани вақтида таъқиб қилиб, ҳақорат қилган. Улар Ниязовани “Ўзбекистонга қарши ахборот ҳужумларини уюштиришда” айблаган. Расмийлар ҳуқуқбузарларни ҳар иккала воқеа юзасидан ҳам жавобгарликка тортишмади.
Жинсий ориентация ва гендер идентификацияси
Ўзбекистон ҳукумати эркаклар орасида ўзаро розилик асосида бўладиган бир жинсли муносабат учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш чақириқларини ҳануз эътиборсиз қолдирмоқда. Ички ишлар органлари гей ва бисексуал эркакларни ва трансгендер аёлларни нишонга олиб, уларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олади, жиноий жавобгарликка тортади ва қамайди. Лесбиан, гей, бисексуал ва трансгендер (LGBT) одамлар давлат ва нодавлат тарафлар томонидан камситиш ва таъқибга дучор бўлади. Ноябрь ойи бошида “Миллий тикланиш” партияси раҳбари ва парламент аъзоси Алишер Қодиров унинг партияси LGBT ташвиқотини тақиқловчи қонун лойиҳаси устида ишлаётганини хабар қилди.