Skip to main content
Donate Now

Ўзбекистон: Пахта ва буғдой етиштирувчи фермерлар эксплуатация ва ҳуқуқбузарликларга дучор бўлмоқда

Ишлаб чиқариш квоталарини бекор қилиш; Мажбурий меҳнат хавфини бартараф этиш

Фермерлар Фарғона вилоятидаги пахта қабул қилиш пунктининг (пахта заводи) "намуна олиш хонаси" ташқарисида, 2023-йил сентябрь. © 2023 Uzbek Forum
  • Ўзбекистон ҳукумати мажбурий давлат ишлаб чиқариш тизими орқали пахта ва буғдой етиштирувчи фермерларнинг инсон ва меҳнат ҳуқуқларини бузмоқда. Мазкур тизим белгиланган квоталарни бажармаганлик учун ер участкаларини мусодара қилиш каби чораларини ҳам ўз ичига олади.
  • Ҳукумат пахта давлат томонидан қўлланилган мажбурий меҳнатни тугатгани ва кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш мажбуриятини олганига қарамасдан, Ўзбекистонда стратегик экинларни етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг амалдаги тизими ҳамон пахта ва буғдой етиштирувчилар учун мажбурий меҳнат хавфини келтириб чиқармоқда.
  • Ҳукумат фермерларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган сўнгги қонун ва фармонлар ижросини таъминлаши, квота тизимини бекор қилиши ҳамда фермерларни қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари бўйича сиёсий муҳокамаларга жалб этиши лозим. 

(Берлин, 2026 йил 17 февраль) – Human Rights Watch ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми бугун эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати мажбурий давлат ишлаб чиқариш тизими орқали пахта ва буғдой фермерларининг инсон ва меҳнат ҳуқуқларини бузмоқда, деб маълум қилди. Сўнгги қишлоқ хўжалиги ислоҳотларига қарамай, бундай ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда.

85 саҳифали “Фермерларда эркинлик йўқ: Ўзбекистонда пахта ва буғдой етиштирувчи фермерларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳамда эксплуатацияси” номли ҳисоботда фермерлар ишлаётган адолатсиз шароитлар ҳужжатлаштирилган. Жумладан, давлатдан ижарага олинган ерлардаги мажбурий квоталар бўйича экинларни марказлаштирилган тарзда белгиланган нархларда сотиш, квоталарни бажармаганлик учун жарималарга тортиш, ҳатто талаб қилинадиган ҳосилдорликка эришиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам. Ҳокимият органлари квоталарни бажармаган фермерларга таҳдид ва зўравонликқўллаб, жарима сифатида ерларни тортиб олиши мумкин. Фермерлар пахта-тўқимачилик ва буғдой корхоналари томонидан тўловларнинг кечиктирилиши ёки умуман тўланмаслигига дуч келмоқда, ҳокимият органлари эса корхоналарни тўловларни амалга оширишга мажбур қилувчи суд қарорларининг ижросини таъминламаяпти.

“Ўзбекистон ҳукумати меҳнаткаш фермерларни пахта ва буғдой етиштириш учун мажбурлаш ва уларни эксплуатация қилиш амалиётига барҳам бериши зарур,” деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми директори Умида Ниязова. “Ҳокимият органлари фермерларни ҳақиқатдан ҳимоя қиладиган қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини амалга ошириши ва фермерларнинг ўзлари таклиф қилаётган зарур ўзгаришлар бўйича мулоҳазаларига қулоқ солиши лозим.”

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистоннинг бешта вилоятидан 75 нафар фермер ва мутахассис билан суҳбат ўтказди. Шунингдек, 2023 йил октябрдан 2025 йил декабргача бўлган даврда суд ҳужжатлари, қонунчилик ва бошқа расмий ҳужжатлар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мақолалар, давлат амалдорларининг баёнотлари ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда пахта теримида давлат томонидан мажбурий меҳнатни тугатди ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш мажбуриятини олди. Сезиларли яхшиланишлар кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда стратегик экинларни етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг мавжуд тизими ҳамон мажбурий меҳнат хавфини келтириб чиқармоқда.

Ташкилотлар аниқлашича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизими пахта ва буғдой фермерларининг мустақил фаолият юритишига ёки ўз меҳнат шароитларини назорат қилишига йўл қўймайди ва амалда уларни давлатга тобе қилиб қўяди.

“Худди биз ер эгалари эмас, балки кимнингдир ёлланган ишчисига айланиб қолгандекмиз,” деди хоразмлик пахта етиштирувчи фермер.

Human Rights Wаtch ва Ўзбек форуми, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш шартномалари фермерларни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ерларни ноқонуний ва ўзбошимчалик билан тортиб олишдан ҳимоя қилмаслигини, маҳаллий ҳокимият органлари эса фермерлар режаларни бажармаганда мунтазам равишда ерни тортиб олиш билан қўрқитишини ҳужжатлаштирди.

Ҳукумат томонидан ерни тортиб олишга қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон судларида камдан-кам ҳолларда адолат топа олади, ёки топган тақдирда ҳам, маҳаллий амалдорлар ерни фермерга қайтариш тўғрисидаги қарорларни деярли ижро этмайди.

“Судья ҳокимнинг айтганини қилади,” деди ери тортиб олинган деҳқон. “Ер масаласида суд ёрдам бера олмайди.”

Фермерлар, шунингдек, хусусий пахта-тўқимачилик ва буғдой ишлаб чиқарувчи корхоналар пахта ва буғдой хом ашёси учун тўловларни кечиктириши ёки умуман тўламагани сабабли солиқ жарималарига тортилаётганини айтишди. Баъзи ҳолларда кечиктирилган ёки амалга оширилмаган тўловлар уларни оғир молиявий аҳволга солиб қўяди ва банкротликка олиб келади. Баъзи ҳолларда ҳокимият органлар шартномаларга риоя қилишни таъминламаган ёки судлар қарор чиқарган бўлса ҳам, корхоналардан фермерларга тўловларни амалга оширишни талаб қилмаган.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида адоватли ва камситувчи муҳит сақланиб қолмоқда. Фермерлар маҳаллий амалдорлар билан учрашувларда калтак егани ёки уларга нарсалар улоқтирилганини айтишди. Амалдорлар фермерларни пахта ёки буғдой режасини бажармаган учун “эшак”, “исқирт” ёки “чўчқа” деб ҳақоратлаган. Айрим оғирроқ ҳолатларда ички ишлар ходимлари ўзбошимчалик билан фермерларни режаларини бажармаган учун бир неча кунгача ҳеч қандай айбловсиз ҳибсга олган.

Human Rigths Wаtch ва Ўзбек форуми, шунингдек, ички ишлар фермерлар ҳуқуқлари ҳақида хабар берган маҳаллий блогерларга таҳдид қилгани ёки уларни ҳибсга олгани, кейин эса судлар уларга қисқа муддатли қамоқ жазоси берганини бир неча марта қайд этган.

Ўзбекистон ҳукумати Human Rigths Wаtch ва Ўзбек форуми билан ёзишмаларида бу хулосаларни асосан рад этиб, фермерлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва янги фармонларга ишора қилди.

Ўзбекистон фермерлари 1995 йилда ратификация қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон 2016 йил декабрда ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сонли Конвенцияси билан кафолатланган адолатли ва қулай меҳнат шароитлари ҳамда бирлашмалар эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилишни таъминлайдиган сўнгги қонун ва фармонларга риоя этилишини таъминлаши керак, дейди инсон ҳуқуқлари гуруҳлари. Ҳукумат ислоҳотлар Ўзбекистондаги пахта ва буғдой фермерларининг ўта адолатсиз ва эксплуатацион меҳнат шароитларини амалда бартараф этишини кафолатлаши лозим, жумладан квота тизимини бекор қилиш орқали. 

Ўзбекистон ҳукумати фермерларни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар бўйича сиёсий муҳокамаларга жалб қилиши ва уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини жиддий кўриб чиқиши керак, дейди Human Rights Wаtch ва Ўзбек форуми.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари ва мамлакатда фаолият юритаётган халқаро молия институтлари ҳукуматни пахта ва буғдой соҳасига давлатнинг ўзбошимчалик билан ва мажбурий тарзда аралашувига чек қўйишга ундаши керак. Хусусан, Европа Иттифоқи Ўзбекистондан 2025 йилда имзоланган янги икки томонлама шериклик битимидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришни талаб қилиши лозим. Бу мажбуриятлар инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро конвенцияларни амалга ошириш шарти билан Ўзбекистонга берилган имтиёзли бозорга кириш ҳуқуқини ўз ичига олади.

“Ўзбекистон пахта ва буғдой фермерлари бундай эксплуатация қилувчи ва мажбурий ишлаб чиқариш шароитларида ишлаши даҳшатли,” деди Human Rights Wаtch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Мира Риттманн. “Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги потенциал инвесторлар Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳақиқатан ҳам ҳимоя қиладиган ислоҳотларни амалга ошириши учун ўз таъсир кучидан фойдаланишлари керак.”

Your tax deductible gift can help stop human rights violations and save lives around the world.

Region / Country