Skip to main content

Ўзбекистон

Events of 2025

Sharifa Madrakhimova holding her destroyed passport in Uzbekistan, May 2025.

© 2025 Private

Ўзбекистон ҳукумати мустақил инсон ҳуқуқлари фаолияти ва сўз эркинлигини чеклаш ҳамда бостиришни давом эттирди. Фаоллар, блогерлар ва бошқа шахсларга асоссиз жиноий айбловлар, жумладан “президентни интернетда ҳақорат қилиш” айбловини қўйди. Камида икки нафар блогер эркинлик, хавфсизлик ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқлари бузилган ҳолда мажбурий психиатрия муассасаларида сақланди. Эркаклар ўртасидаги ўзаро розиликка асосланган бир жинсли муносабатлар учун жиноий жавобгарликка тортиш давом этди ва оилавий зўравонлик учун жазосизлик одатий ҳолга айланди. Маҳбуслар ва қамоққа олинган шахслар қийноқ ва шафқатсиз муомалага дучор бўлганликларини маълум қилди. 2025 йил Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалиги ишчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши хавфлари ва уюшмаларга бирлашиш эркинлигининг чекланиши сақланиб қолди.

Жавобгарлик ва адолат

2025 йил 13 май куни Андижон қирғинининг 20 йиллиги қайд этилди. Ўша куни Ўзбекистон хавфсизлик кучлари тинч намойишчилар ва атрофдагиларга, жумладан аёллар ва болаларга қарата ўт очган эди. Натижада юзлаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган. Ўзбекистон ҳукумати бу қирғин бўйича ҳеч қачон мустақил терговни ташкил қилмади ва ҳеч ким қирғин пайтида ҳамда ундан кейин содир этилган оғир инсон ҳуқуқлари бузилишлари учун жавобгарликка тортилмади.

Бундан ташқари, ҳукумат 2022 йил июль ойида Ўзбекистоннинг автоном республикаси ҳисобланган Қорақалпоғистонда содир бўлган ўлим ва оғир жароҳатлар учун жавобгарликни тан олишни рад этишда давом этди. Унда Ўзбекистон хавфсизлик кучлари асосан тинч намойишчиларни тарқатиш учун номутаносиб куч, жумладан ўлимга олиб келувчи куч қўллаган эди.

БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи (WGAD) март ойида эълон қилган хулосасида Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларини уюштиришда айбланаётган қорақалпоқ ҳуқуқшуноси ва блогери Даулетмурат Тажимуратовнинг қамоққа олиниши ўзбошимчалик эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонни уни дарҳол озод этишга ҳамда товон тўлашга чақирди. Тажимуратов қамоқхонада ҳамон шафқатсиз муомала ва қийноқларга дучор бўлмоқда. 24 март куни Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров унинг “руҳий ва жисмоний қийноқларга” солинаётгани, жумладан, қамоқхона маъмурлари кўрсатмаси билан бошқа маҳбуслар томонидан калтакланиши ва камерасидаги ўта ёмон шароитларни батафсил баён қилди.

Фуқаролик жамияти

Инсон ҳуқуқлари фаоллари тинч инсон ҳуқуқлари фаолияти боис улардан қасос олиш мақсадида таъқиб ва тазйиқларга учрашда давом этмоқда ва мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишда тўсиқларга дуч келмоқда. Май ойи бошида ҳуқуқ ҳимоячиси Шарифа Мадраҳимованинг паспортига қасддан шикаст етказилиб йўқ қилингани унинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун мукофот олиш мақсадида чет элга чиқишига халал берган. 23 май куни Тошкент суди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановга Фейсбукдаги оддий пост учун туҳмат иши бўйича бир неча минг доллар жарима тўлашга ҳукм чиқарган.

Адлия вазирлиги май ойи охирида “Марказий Осиё Уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги филиали директори Гулноз Мамарасуловани тадбир ўтказиладиган жой ўзгаргани ҳақида вазирликни хабардор қилмаганлик ва онлайн тадбирдаги хорижий иштирокчилар ҳақида хабардор қилмаганлик каби ҳуқуқбузарликларда айблаб маъмурий жавобгарликка тортди. 10 июнь куни Мамарасуловага хабар берилмаган ва иштирок этиш имконияти тақдим этилмаган суд мажлисида, Тошкент шаҳар суди уни “била туриб ёлғон маълумот бериш”да айбдор деб топиб жарима тайинлади.

Август ойида ноҳақ 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаол Дилдора Ҳакимовага кимётерапия ва жарроҳлик амалиёти зарурлиги борасида тиббий ташҳис қўйилди. 4 сентябрь куни унинг адвокати Ҳакимованинг соғлиги ёмонлашгани сабабли озод қилишни сўраб Олий судга мурожаатнома киритди. У билан бирга судланган, худди шундай ноҳақ қамалган фаол Наргиза Келдиёрова эса ҳамон олти ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

2025 йилда бир неча қорақалпоқ фаоллари “конституциявий тузумни ағдаришга уриниш” ва/ёки “жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш” айбловлари билан жиноий жавобгарликка тортилди. Улар орасида Қозоғистон ва Россияда қамоққа олиниб, кейинчалик Ўзбекистонга қайтарилган икки фаол Ринат Утамбетов ва Зеткербай Абдраманов ҳам бор эди. 17 апрель куни Қорақалпоғистон суди Утамбетовни иккала айблов бўйича икки ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Июнь ойида унинг ҳукми апелляция тартибида ўзгаришсиз қолдирилди. 29 апрель куни Нукус суди Абдрамановга беш йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Бу қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган жазо бўлиб, у Қорақалпоғистон билан боғлиқ ижтимоий тармоқлардаги постлари учун берилган.

Сўз эркинлиги

Ўзбекистон ҳукумати “президентни интернетда ҳақорат қилиш” каби зўравонликсиз ҳуқуқбузарликлар учун одамларни қамоққа олиш орқали сўз эркинлигига асоссиз чекловлар қўйишни давом эттирди. Президент Мирзиёевнинг 2020 йилда иккала жиноят учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ваъдасига қарамай, туҳмат ва ҳақорат ҳамон жиноят сифатида сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлигига нисбатан асоссиз чекловларни қўллашни давом эттириб, “президентни интернет орқали ҳақорат қилиш” каби зўравонликка алоқадор бўлмаган ҳуқуқбузарликлар учун шахсларни қамоққа олди. Туҳмат ва ҳақорат жиноят сифатида сақланиб қолиб, бу эса Президент Мирзиёевнинг 2020 йилда ушбу ҳуқуқбузарликларга нисбатан жиноий жавобгарликни бекор қилиш ҳақидаги ваъдасига қарамай амалга ошмади.

28 февраль куни БМТнинг WGAD гуруҳи блогер Валижон Калоновнинг мажбурий руҳий касалхонага ётқизилиши асоссиз ва ўзбошимчалик эканлигини маълум қилди. БМТнинг WGAD гуруҳи ҳукуматни “уни дарҳол озод қилиш” ва Калоновга компенсация ҳамда бошқа товонларни тўлашга чақирган бўлса-да, ҳисоботни ёзиш пайтида у ҳамон мажбурий психиатрик назоратда сақланмоқда эди.

Февраль ойи ўрталарида Қорақалпоғистон суди Ўзбекистон фуқароси Дауран Алламбергеновани Телеграмдаги хабарларида “сепаратизм” ва “президентни интернетда ҳақорат қилиш” айбловлари билан жиноий таъқиб қилгандан сўнг, уни мажбурий руҳий касалхонага ётқизиш тўғрисида қарор чиқарди. Марказий Осиё бўйича мутахассис Виталий Понамаревнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда камида 14 киши ижтимоий тармоқлардаги “сепаратизм”га оид постлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу Қорақалпоғистон мустақиллигини тарғиб қилувчи фикрларга қарши давом этаётган қатағоннинг бир қисмидир.

Қийноқ ва шафқатсиз муомала

Қийноқ ва шафқатсиз муомала жиддий муаммо эканлигича қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва маҳаллий блогерларнинг февраль ойидаги маълумотларига кўра, икки нафар эркак, жумладан қорақалпоғистонлик блогер Мустафо Турсинбоев алоҳида ҳодисаларда қамоқхонада вафот этган, учинчи эркак эса ички ишлар томонидан ҳибсга олингандан сўнг ҳушсиз ҳолда касалхонага тушган.

Май ойи ўрталарида Тошкент суди уч нафар ички ишлар ходимини ҳибсдагиларни қийноққа солишда айбдор деб топди. Судланган уч нафар ички ишлар ходимларидан иккитаси беш йил-у бир ойга озодликдан маҳрум этилди. Қўшимча равишда сохта пул айирбошлашда айбланган учинчи шахс эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, август ойи ўрталарида Наманганда яшовчи 34 ёшли эркак ички ишлар ходимлари томонидан таёқ ва электр шокер билан калтакланиши оқибатида оғир тан жароҳати олган. Жабрланувчининг онаси оммавий ахборот воситаларига ички ишлар ходимлари ўғлининг қовурғаларини синдиргани, ўпкасини тешгани, жигари ва ошқозон ости безини шикастлагани ҳамда шифокорлар унинг талоғини олиб ташлашга мажбур бўлганини айтган. Ўша пайтда ҳукумат вакиллари “қасддан баданга оғир шикаст етказиш” моддаси бўйича тергов бошланганини маълум қилган эди.

2 сентябрь куни этник туркман фаоли Жумасапар Дадебаевнинг отаси Ўзбекистон Омбудсманига мурожаат қилиб, Қорақалпоғистон мустақиллигини қўллаб-қувватлагани учун “конституциявий тузумни ағдаришга уриниш” каби шубҳали жиноий айбловлар бўйича 12 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ўғли қамоқхона қўриқчиси томонидан зўравонлик ва шафқатсиз муомалага дучор бўлаётганини маълум қилган.

Дин эркинлиги

Ўзбекистон ҳукумати дин эркинлигини чеклашда давом этмоқда. Жумладан, диний жамоаларни рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилиш, собиқ диний маҳбусларни ўзбошимчалик билан назорат қилиш ва мусулмонларни кенг ва ноаниқ таърифланган экстремизм билан боғлиқ айбловлар бўйича жавобгарликка тортиш ҳоллари кузатилмоқда. 2024 йил декабрь ойи ўрталарида Қарши суди исломни муҳокама қилиш учун йиғилган саккиз нафар мусулмон эркакни олти йилдан ўн ярим йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилган. Апрель ойида уларнинг ҳукмлари апелляция тартибида ўзгаришсиз қолдирилди.

20 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев фарзандларига “ноқонуний” диний таълим олишга рухсат берган ота-оналар ёки васийларга тахминан 275 АҚШ доллари миқдорида жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазосини жорий этувчи қонунни имзолади.

Бундан ташқари, ҳукумат органлари қамоқда сақланаётган мусулмонларнинг қамоқ муддатини ғаразли равишда узайтираётганга ўхшайди. Июнь ойида дин эркинлиги кузатувчиси “Forum18” 2025 йил март ва май ойларида суд икки қамоқдаги мусулмонни қўшимча қамоқ муддатларига ҳукм қилгани ҳақида хабар берди.

Мажбурий меҳнат

2025 йил март ойида нодавлат ташкилот — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнат хавфи сақланиб қолаётганини маълум қилди. Ҳисоботга кўра, ҳар йилги пахта ишлаб чиқариш ҳажмлари устидан давлат назорати давом этаётгани сабабли мазкур соҳа фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишчилари учун мажбурий ва зўравонликка асосланганича қолмоқда.

Ташкилот ҳисоботида 2024 йилги ҳосил “ихтиёрий теримчиларнинг кескин танқислиги” билан ажралиб тургани ва баъзи туманлардаги мансабдор шахслар марказий ҳукумат томонидан белгиланган пахта етиштириш режаларини бажариш мақсадида теримчиларни мажбуран сафарбар қилгани ёки ўрнига одам ёллаш учун пул ундириш ҳолатларига йўл қўйгани қайд этилган. Қишлоқ хўжалиги ишчилари ва фермерлар уюшиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқига бўлган чекловларга дуч келишда давом этдилар.

Жинсий ориентация ва гендер идентификацияси

Ўзбекистон эркаклар ўртасидаги ўзаро розилик асосида бир жинсли жинсий муносабатлар учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш чақириқларини эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда. Бу ҳаракатлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддаси билан жазоланади. Мазкур модда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гей ва бисексуал эркаклар ҳамда трансгендер аёлларни таъқиб қилиш, жумладан, жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитиш воситаси сифатида қўлланилади. Давлат ва нодавлат тузилмалар лесбиян, гей, бисексуал ва трансгендер (ЛГБТ) шахсларни камситиш ва таъқиб қилишни давом эттирмоқда.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотининг “Human Rights Watch”га хабар беришича, 2025 йилда ҳукумат органлари 120-модда бўйича камида 16 кишини жиноий жавобгарликка тортган. Ташкилот ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ЛГБТ вакилларга нисбатан таъқиб қилиш ҳолатларини, хусусан, шантаж, товламачилик, шахсга жинсий ориентацияси туфайли ёрдам кўрсатишни рад этиш ва таҳдид қилиш каби ўнлаб воқеаларни ҳужжатлаштирган.