2015 йилги пахта ҳосили мавсумида пахта тераётган аёл. Пахта терим мавсуми Сентябрь бошларидан бошланиб, Октябрь охири ёки Ноябрь бошларигача давом этади.

© 2015 йил. Саймон Бакстон/Халқаро қулликка қарши ташкилоти
(Брюссель) – Жаҳон Банки Ўзбекистоннинг мажбурий ва болалар меҳнатига алоқадор қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга ярим миллиард доллар маблағ ажратяпти. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форумининг бугун тарқатган хабарида ана шу ҳақда гап боради. Келишувга биноан, Ўзбекистон ҳукумати мажбурий ва болалар меҳнатини тақиқловчи қонунларга амал қилиши талаб этилади, қонунларнинг бузилиши юзасидан ишончли далиллар бўлган тақдирда Жаҳон Банки молиялаштиришни тўхтатиши мумкин.

Биз пахта теришга қарши чиқолмаймиз. Ўзбекистондаги Жаҳон Банки гуруҳи инвестицияларига алоқадор мажбурий ва болалар меҳнати” деб номланувчи 115 саҳифадан иборат ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати қандай қилиб талабалар, ўқитувчилар, тиббий ходимлар, бошқа давлат ташкилотлари хизматчилари, хусусий соҳа ишчилари, ва баъзан болаларни 2015 ва 2016 йилларда пахта теришга, далаларни ёввойи ўтлардан тозалашга ва 2016 йил баҳорида чигит экишга мажбур қилгани ҳақида ҳикоя қилади. Ҳукумат пахта далаларида ишлашдан бош тортганларни ишдан ҳайдаш, нафақалардан маҳрум қилиш ва талабаларни ўқишдан ҳайдаб юбориш кабилар билан қўрқитган.

“Жаҳон Банки Ўзбекистонга пахта етиштириш соҳасидаги меҳнатга алоқадор бузуқ системани яшириш имконини яратиб бермоқда,” дейди Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми директори Умида Ниёзова. “Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукумати ва инвесторларга болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат устига қурилган тузум билан мақсадлари айрича эканини намойиш қилиши, муаммолар ҳал бўлгунга қадар ҳар қандай молиялаштириш ишларини тўхтатиши шарт.”

Ўзбекистон: Жаҳон Банки билан боғлиқ мажбурий меҳнат

Жаҳон Банки Ўзбекистоннинг мажбурий ва болалар меҳнатига алоқадор қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга ярим миллиард доллар маблағ ажратяпти.
 

 

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Ўзбекистон-Германия форуми билдирганидек, Жаҳон Банкининг ушбу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши шарофати билан,  гўёки Ўзбекистон мажбурий меҳнатни тугатишга чин дилдан киришган, деган таассурот юзага келади. Амалда эса бундай эмас ва бу инсофли компаниялар ва ҳукуматларни чалғитмоқда.

Ўтган ҳафталар мобайнида Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳукумат ўз ватандошларини, жумладан болаларни пахта далаларидаги чопиққа, чигит экишга, ҳамда ошқовоқ, помидор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишга ҳайдаётганлигини аниқлади.
Мамлакатни 20 йилдан ортиқ муддат мобайнида репрессив усулда бошқарган Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда маълум бўлган вафотидан сўнг, янги президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берди. Раҳбарият алмашинуви - давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари учун ташвишга тушган ҳукуматдан зарур ислоҳотларни талаб қилишга қулай бир фурсат. 2017 йил 7-8 июлда Гамбургда учрашадиган “Катта йигирмалик” вакиллари қатъий ишлаб чиқариш тизими ва муносиб иш шароитларини қўллашга йўналтирилган чоралар нафақат завод ва фабрикалар, балки фермер хўжаликларини ҳам қамраши йўлида бор имкониятларини ишга солишлари лозим.   Улар Жаҳон банкини меҳнат муносабатлари бузилган тизимни мустаҳкамловчи лойиҳаларни молиялашдан қоз кечишга мажбурлашлари лозим.

Ушбу ҳисобот мажбурий ва болалар меҳнати туфайли жабрланганлар, фермерлар, мажбурий меҳнат тизимидаги асосий шахслар билан ўтказилган 257 та батафсил интервьюлар ва 700 га яқин қисқа суҳбатлар, ҳамда сиздирилган ҳукумат хужжатлари ва ҳукумат расмийларининг баёнотларига асосланган. Хьюман Райтс Вотч ташкилоти ва Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми  Жаҳон Банкининг битта лойиҳаси амал қилаётган ҳудудда пахта соҳасининг ҳамма жабҳаларида муттасил мажбурий меҳнат ҳолатлари мавжудлигини хужжатлаштирди. Улар яна шуни аниқлашдики, Жаҳон Банкининг қишлоқ хўжалиги ва ирригация лойиҳалари, ҳамда унинг таълим соҳасига қилган инвестициялари бевосита муттасил давом этаётган мажбурий меҳнатга алоқадордир, бу борада болалар меҳнатидан фойдаланиш хатари ҳам кучли.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. У ўзининг 60 фойиз пахта хом ашёсини Хитой, Бангладеш, Туркия ва Эронга экспорт қилади. Ўзбекистон пахта саноати бир миллион тонна пахта толасидан йилига бир миллиард доллардан зиёд даромад келтиради, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг учдан бирига тенг. Пахтадан тушган даромад юқори мартабали ҳукумат мулозимлари томонидан бошқарилувчи, ҳеч қандай жамоатчилик томонидан назорат қилинмайдиган Молия Вазирликнингфаолияти шаффоф бўлмаган, бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобига тушади.

Мамлакатнинг пахта соҳасидаги мажбурий ва болалар меҳнатидан хабардор жами 274 компания Ўзбекистондан пахта сотиб олмасликка қарор қилишган.

2015 ва 2016 йилларда Жаҳон Банкининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига киритган инвестиция ҳажми 518.75 миллион долларга тенг бўлган. Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон Банкига лойиҳалар билан боғлиқ ҳудудлар ва жойларда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланмасликка ваъда берган. Жаҳон Банки эса суистеъмол қилиш холатларини мустақил равишда кузатиб боришга ва жабрланганларга товон пули олиш имконини яратишга ваъда берган. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати сон-саноқсиз одамларни, баъзан эса 10 – 11 яшар болаларни узоқ муддат мобайнида пахта далаларида оғир шароитда ишлашга мажбурлашда давом этди, жумладан Жаҳон Банкининг ирригация лойиҳаси ҳудудларида ҳам. Натижада Банк тор доирадаги самарасиз кузатув билан кифояланиб, ҳукумат томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларнинг яширилишига имконият яратиб берди.

“Буйруқ [пахта теришга]  ҳукумат томонидан берилган ва биз бу буйруққа қарши чиқолмаймиз,” дейди Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги мактаб ўқитувчиси. У ерда Банк томонидан молиялаштирилаётган ирригация лойиҳаси амалга ошириляпти. “Агар мен қарши чиқсам, улар мени ишдан ҳайдашади …. Биз истеъмол қилаётган нонимиздан мосуво бўламиз.”

Мустақил гуруҳлар, жумладан Ўзбекистон-Германия форуми, 2015 йилги ва ундан кейинги йил кузидаги йиғим-терим мавсумига оид мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланилганликни исботловчи далилларни ҳамда қонунбузарликлар юзасидан хабар қилмоқчи бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши қилинган ҳужумлар ҳақидаги маълумотларни Жаҳон Банкига тақдим қилган. Жаҳон Банки, ҳукуматга бераётган маблағларни тўхтатиш ўрнига, 2014 йилги келишувга асосланиб ўзининг хусусий соҳани қўллаб-қувватловчи бўлими бўлмиш Халқаро молия корпорацияси орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига инвестициялар хажмини кўпайтирди. 2015 йили Декабрь ойида Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистоннинг етакчи пахта йигирув завдини кенгайтириш учун 40 миллион доллар инвестиция қилди.

Жаҳон Банки БМТнинг ҳукуматлар, иш берувчи ташкилотлар ва ишчилар вакилларидан иборат уч томонлама агентлиги ҳисобланган Халқаро меҳнат ташкилотига 2015 ва 2016 йилларда мажбурий ва болалар меҳнатини кузатиш вазифасини юклаган. Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари тарғиботи борасида муҳим роль ўйнайди. Аммо, ҳукумат ва кузатув ишларида иштирок этувчи мустақил бўлмаган уюшмалар воситасида бу тизим самарали тарзда ўзини-ўзи кузатяпти. Ҳукумат ҳам теримчиларга кузатувчиларга биз пахтани ўз ихтиёримиз билан кўнгилли равишда теряпмиз деб айтишлари учун астойдил ҳаракат қилмоқда. 2016 йили Халқаро меҳнат ташкилоти ҳукуматнинг мажбурий меҳнат муаммоси мавжудлигини жимгина тан олганлигига таянган холда ушбу жараённи кузатишга хожат йўқ, деган қарорга келган.

Ҳукумат мустақил кузатувчилар ва журналистларнинг мажбурий меҳнат ҳақида хабар тарқатишларига халақит беиш учун қўрқитиш, зўравонлик ва ўзбошимча ҳибсларни амалга оширди. 2015 ва 2016 йилларда Ўзбекистон-Германия форуми кузатувчилари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини кузатиб бораётган бошқа шахслар доимий қувғинлар ва таъқиблар ҳавфи остида бўлишди.

2015 йили кузатувчи Дмитрий Тихонов мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ва яна битта кузатувчи Ўктам Пардаев икки ойга қамалиб, сўнгра шартли равишда озодликка чиқарилган. 2016 йилда Ўзбекистон-Германия форумининг ягона кузатувчиси Елена Урлаева ошкора ишлашни давом эттирган, натижада унинг ортидан мунтазам пойлашган, у таъқиб, ҳужумлар ва ўзбошимча қўлга олишларга дуч келган, мажбурий равишда руҳий касаллар шифохонасида ушлаб турилган.

Жаҳон Банки ва Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати тугатилмагунга қадар бу мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳаларини молиялаштиришни тўхтатиши зарур, дейди Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Ўзбекистон-Германия форуми. Жаҳон Банки ва Халқаро молия корпорацияси уларнинг инвестицияларига оид ишларни амалга ошираётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши йўналтирилган ҳаракатларни олдини олиш борасида барча зарур чораларни кўриши, бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зудлик билан жавоб бериши ва суистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим.

“Жаҳон Банкининг миссияси қашшоқликка қарши кураш ҳисобланади, бироқ Ўзбекистонда қашшоқ яшовчилардан ҳаммадан кўра кўпроқ мажбурий ва болалар меҳнатида фойдаланилади,” дейди Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бизнес ва инсон ҳуқуқлари катта тадқиқотчиси, ҳисобот ҳам-муаллифларидан бири Жессика Эванс. “Жаҳон Банки мамлакатнинг мажбурий меҳнат тизимини мустаҳкамловчи лойиҳаларни молиялашни тўхтатиши лозим, унинг ўрнига камбағал одамларнинг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини яхшиловчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаши керак.”

Биз пахта теришга қарши чиқолмаймиз. Ўзбекистондаги Жаҳон Банки гуруҳи инвестицияларига алоқадор мажбурий ва болалар меҳнати. 

 

Ҳисоботдан танланган иқтибослар

“Пахта! Сен далага чиқиб, пахта териб, нормани бажаришинг шарт. Тушундингми!?.... Бу сиёсат ҳаммага тегишли! Агар ҳатто битта одам чиқмай қолса ҳам сенга ёмон бўлади! Мен сенларнинг ташкилотларингни ёпаман! Ҳаммаси, ҳокимиятми, солиқ ташкилотими, банк бўладими ёки бошқа ташкилотми, ҳаммаси ёпилади.… [Мажлис иштирокчиларидан бирига қараб:] Бу нимаси? Сиз бор-йўғи 1,286 кило топширибсиз? Нимага бундай бўлди? Мен каллангни узиб ташлайман!”

  • ҳоким, Ўктам Қурбонов, пахта мажлиси, Хазорасп тумани, Хоразм вилояти, 2015 йил 29 Сентябрь.

“Мен мактабда ишлайман. Ўқитувчиларнинг ўзларига қолсаку, ҳеч ким пахта даласида ишлашни ҳоҳламайди. Ҳамширалар ҳам аёл [уларнинг оилаларида ҳам катта юмушлари бор]. Улар ҳам ўз ихтиёрлари билан боришмайди, уларни мажбурлашади … Мен ишлайдиган мактабнинг 50 ўқитувчисидан 3 ёки 4 киши ўз ҳоҳиши билан боради. Бошқалар боришни исташмайди. Борадига 3 ёки 4 киши дарс беришдан чарчаганлардан, улар учун дарс беришдан кўра пахта териш яхшироқ. Агар улар яхши теримчи бўлишса, кунига 100 килодан ортиқ тера олсалар, ҳукуматдан қўшимча “совға” олишади. Бироқ менга ўхшаган ўқитувчилар нормани бажаролмайди ва пахта теришдан пул ишлай олишмайди. Халқаро меҳнат ташкилотининг [теримчиларнинг кичик бир қисмигина ўзлари ҳоҳламай пахта теришади, деган] хулосаси кўринишидан тўғридир, чунки одамлар ҳақиқатни айтишдан қўрқишади, аммо бу ҳақиқатни ошкор қилишга тўсиқ бўла олмайди.”

  • Мактаб ўқитувчиси, 2017 йил

“Эҳтимол ўқувчилардан 10таси рози бўлар пахта теришга, бошқалари ҳоҳлашмайди ва биз уларнинг кетидан югуриб юришимизга тўғри келади.”

  • Мактаб ходими, 2017 йил

“Агар менда танлаш имкони бўлганда албатта бормас эдим [пахта теришга]. Ҳамкасбларимдан ҳам бирортаси бормаган бўларди. Бу мажбурий, ҳамма мажбур …. Биз фарзандларини пахта теримига ҳисса қўшишларидан бош тортган ота-оналарга пўписа қилиб, уларни қўрқитамиз. Биз уларни фарзандларингиз дипломларини олишолмайди, деб қўрқитамиз …. 2016 йили коллеж ўқитувчилари орасида ҳомиладорлар бор эди. Қудратли танишлари бўлганлар пахта теришга ҳам, унинг учун пул тўлашга ҳам мажбур қилинмади. Қолганлари эса ишлашга мажбур қилинди.”

  • Коллеж ўқитувчиси, 2017 йил

“Давлат сенга маош тўлаяпти, шунинг учун пахта терасан ёки ўз лавозимингдан кетасан. Ҳозир иш йўқ … демак сен қаршилик қилолмайсан, сен [пахта теришга] мажбурсан …. Қайси бир ахмоқ иссиққина ишхонасида ўтирмасдан ўз ихтиёри билан совуқ кунда кир пахта даласига ишлашга боради? [Пахта териш] мажбурийлигини тушуниш учун гений бўлиш шарт эмас …

  • Андижонлик собиқ маҳалла фаоли, 2015 йил, 20 Ноябрь

“Ҳурматли магистрлар! Пахта теримида иштирок этишингиз масаласини бир соат ичида хал қилишингиз шарт. Бугун биз маълумот тўплаяпмиз ва сиз ўқишдан ҳайдалиб кетиш ҳавфи остидасиз. Бу масалани зудлик билан хал қилинг.”

  • Университет маъмурияти томонидан талабаларга юборилган СМС хабар, 6 Октябрь, 2016 йил.

“Икки ой далада ёввойи ўтларни юлиш, кейин яна икки ой пахта терими: шу туфайли ўқувчилар тўлиқ таҳсил олишмайди. Ўқитувчилар икки ёки уч синфни бирлаштириб дарс ўтишга мажбур бўлишади. Масалан, ўқитувчи битта синфга ёзма иш беради ва бошқасига боради. Ўзлари холи қолишгач ўқувчилар шовқин кўтаришади. Улар хали болаку, ўзлари ўрганишолмайдилар.

  • Мактаб ўқитувчиси, Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани, 2016 йил Сентябрь.

“Одмаларни мажбуран ишлатиш мумкин эмаслигини биламан, аммо мен бизга келиб тушган шикоятлар сонини айтмайман. Фойдаси йўқ. Бу ёзувлар Халқаро меҳнат ташкилотига наф беради деган умидда қўйилган. Бу қўнғироқларнинг натижаси ўқитувчи ёки тиббий ходимнинг ишдан бўшатилиши билан тугайди.”

  • Мактаб директори. Маҳаллий ҳокимият унга агар ўз ходимларингни пахта теримига олиб чиқолмасанг жазоланасан, деган. Фарғона вилояти, 29 Сентябрь, 2016 йил.

“[Таълим вазирлигидан] туман таълим бўлимига қўнғироқ қилишиб, мени масаламни ‘тинчлик билан’ хал қилишни сўрашди…. Шундан кейин мактаб директори менинг кетимга тушди.У менга қўлидан нима келса ҳаммасини кўрсатишини айтиб пўписа қилди.’”

  • Таълим вазирлигига ўқитувчиларни пахта теримига мажбуран жалб қилинмасликларини сўраб мурожаат қилган мактаб ўқитувчиси, Гулистон, Сирдарё вилояти, 29 Сентябрь, 2016 йил.

“Кредитларини тўлай олмаган, қарзи бор фермерларни уйларига боринглар, уларнинг машинасини, мол-қўйларини тортиб олинг, агар булар бўлмаса, уйининг томидаги шиферини қўпориб олинг!”

  • Ўша вақтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳокимият ва фермерлар билан видео орқали бўлган мажлисда айтган, мажлисда иштирок этган фермер Озодлик Радиосига гапириб берган, 12 Октябрь, 2015 йил