Skip to main content

Ўзбекистон

2021 йил тадбирлари

Аёл Ўзбекистон Президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайлов кампанияси ташвиқот тахтаси ёнидан ўтиб кетмоқда. Тошкент, 2021 йил, 20 октябрь.

© 2021 йил, Вячеслав Оселедко/ "Франс-пресс" агентлиги Getty images орқали олган сурат

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар суръати 2021 йилда, айниқса, октябрь ойи охирида бўлиб ўтган президентлик сайловларига бир неча ой қолганда, секинлашди ва айрим жиҳатлар бўйича ортга қайтиш кузатилди. Сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Ўзбекистонда сиёсий тизим чуқур авторитар бўлиб қолмоқда.

Сўз ва ОAВ эркинлиги соҳасида яққол ортга чекинишлар кузатилди, давлат органлари очиқ ва танқидий руҳда фаолият олиб борадиган блогерларни таъқиб қила бошлади, жумладан, май ойида Отабек Сатторий олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Давлат органлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган мустақил гуруҳларни рўйхатдан ўтказишни рад этишда ва ўзаро розилик асосидаги бир жинсли муносабатлар учун жиноий жавобгарликка тортишда давом этди. Бесоқолбозларни таъқиб қилишда давлат органларида қийноқнинг бир тури бўлган аналь текширувлардан фойдаланилган. Қўпол муомала ва қийноқлар учун жазосиз қолиш одатий ҳол бўлиб қолди.

Ҳукумат томонидан ваъда қилинган қонунчилик соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, янги жиноят кодексининг ишлаб чиқилиши тўхтаб қолди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрири халқаро стандартларга жавоб бермайди. 7 июнь куни Ўзбекистон Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди.

Президент сайловлари

24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1 фоиз овози билан қайта сайланди. Мухолифатдан номзодлар, шу жумладан Aдлия вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши рад этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси вакили Хидирназар Aллақулов ёки рўйхатга олинмаган “Эрк” демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Жаҳонгир Отажоновнинг сайловларда иштирок этишига йўл қўйилмади. Сайлов арафасида Оллоқулов ва уни қўллаб-қувватлаган шахслар давлат органлари томонидан таъқиб қилинди. Июль ойида Отажонов сиёсатни бутунлай тарк этаётганини эълон қилди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Сайловларни кузатиш бўйича миссияси сайлов жараёнида “жиддий процессуал қонунбузарликлар”га йўл қўйилди ва ҳақиқий рақобат бўлмади, деб топди. Шунингдек, кузатувчилар оммавий ахборот воситалари учун чекловчи хусусиятга эга бўлган умумий қонунчилик базаси борасида хавотир билдирди.

Сўз эркинлиги

Ўзбекистонда 2016 йилдан буён оммавий ахборот воситалари фаоллиги сезиларли даражада ошган бўлса-да, 2021 йилда сўз ва ОАВ эркинлигига нисбатан ҳурмат сезиларли даражада пасайган. Журналистлар таъқиб, жиноий таъқиб ва тажовузларга дуч келди. Президент Мирзиёевнинг 2020 йилда декриминализация қилиш ваъдасига қарамай, туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарлик сақланиб қолмоқда. Март ойида Ўзбекистонда қонунчиликка президентни интернет тармоғида танқид қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган ўзгартиришлар киритилди. “Озод Европа/Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ҳамон блокланган. Июнь ойида Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентдаги хорижий мухбир Aгнешка Пикулицкага аккредитация беришни рад этди, ноябрь ойида эса унинг Ўзбекистонга киришига таъқиқ қўйди.

Давлат органлари томонидан бир нечта блогерлар жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилди. Май ойида Сурхондарё суди танқидчи блогер Отабек Сатторийни туҳмат ва товламачилик айблаб, шубҳали ҳукм чиқарди ва олти ярим йилга озодликдан маҳрум этди. Жамоатчиликнинг жиддий норозилигига қарамай, июль ойидаги апелляция судида ҳам ҳукм ўз кучида қолдирилди. Март ойи охирида тошкентлик блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан дўппослаб кетилган ва шифохонага ётқизилган эди.

Тошкент дипломатик ҳамжамияти вакиллари ҳужум юзасидан хавотир билдирди. Касалхонадан чиқарилгач, давлат органлари Бозоровни сиёсий асосланган туҳматда айблаб, уй қамоғига олди. Aвгуст ойида блогер Валижон Калонов президентни танқид қилгани ва президентлик сайловларини бойкот қилишга чақиргани учун интернетда президентни ҳақорат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Фуқаролик жамияти

Ўзбекистон Республикаси давлат органлари рўйхатдан ўтказиш учун ҳаддан ортиқ ва оғир талаблар қўйиш орқали мустақил нодавлат ташкилотлар (ННТ) фаолиятига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Aдлия вазирлиги мустақил гуруҳларни рўйхатдан ўтказишни рад этишда давом этмоқда. Aпрель ойида Бухородаги «Гуманитар-ҳуқуқий марказ»нинг рўйхатдан ўтказиш учун тўққизинчи мурожаатига ҳам рад жавоби берилди. Сентябрь ойида рўйхатга ўтказиш учун саккизинчи мурожаатига рад жавобини олганидан сўнг, Human Rights House ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти таъсисчилари Aдлия вазирлиги устидан судга мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат органлари сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилиниб, қамоқ жазосини ўтаган ва 2016 йилдан кейин озодликка чиқарилган 50 нафардан ортиқ шахснинг, шу жумладан ҳуқуқ ҳимоячиларининг тўлиқ ҳуқуқий мақоми ва ҳуқуқларини тиклашни рад этишда давом этмоқда. Январь ойида Қашқардарё суди 17 йиллик қамоқ жазосининг қарийб етти йилини ўтаган ва 2018 йил март ойида оқланиб, озодликка чиққан Элёр Турсунов фойдасига ноқонуний қамоққа олингани учун ҳукуматдан тахминан 8650 AҚШ доллари миқдорида товон ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Жиноий одил судлов, қийноқлар

Февраль ойида Бош прокуратура томонидан эълон қилинган Жиноят кодекси лойиҳасида кўплаб муаммоли моддалар, шу жумладан, экстремизм ва иғвогарликка оид кенг кўламли ва ноаниқ ифодаланган жиноят таркиблари сақланиб қолган бўлиб, агар кодекс шу ҳолатда қабул қилинса, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ келмайди. Жиноят кодекси лойиҳаси эълон қилинганидан сўнг, унинг кўриб чиқилиши тўхтаб қолди.

25 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбошимчалик билан қамоққа олиш ва ушлаб туриш ҳолатларига қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи (WGAD) 2020 йил январь ойида давлатга хиёнатда айбланиб, беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ дипломат Қодир Юсупов иши бўйича ўз хулосасини эълон қилди. WGAD гуруҳи Юсупов ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум қилинган, деб топди ва Ўзбекистон ҳукумати “[Юсупов] зудлик билан озод этилишини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўриши” кераклигини айтди. Сентябрь ва октябрь ойларида Юсуповга нисбатан қамоқхонадаги ҳамкасблари томонидан икки марта зўравонлик ишлатилган, натижада у жароҳатлар олган ва икки тишидан айрилган.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида қийноқлар ва шафқатсиз муомала одатий ҳол бўлиб қолмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари қийноқлар қўлланиши бўйича ишончли даъволар ҳақида хабар бермоқда. Ўзбекистон давлат органлари томонидан 2019 йилда машъум “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилгани айтилган бўлса-да, маҳаллий “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти апрель ойида у ерда ҳали ҳам 100 нафарга яқин одам қамоқда сақланаётган бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди.

Президент Мирзиёев 26 июнь куни “Ўзбекистонда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Ҳужжатга Омбудсман ҳузурида жазони ижро этиш муассасаларини бориб кўриш вазифаси юклатилган Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича мониторинг гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги низом киритилган.

Дин эркинлиги

Ўзбекистонда июль ойининг бошида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Расмийлар қонун лойиҳаси қабул қилинишидан аввал уни оммага эълон қилмади. БМТнинг бешта махсус маърузачиси 29 июль куни Президент Мирзиёевга йўллаган қўшма мактубида қонундаги тинч миссионерлик фаолиятининг барча шаклларини тақиқлаш, давлат томонидан тасдиқланмаган диний таълимни ва давлат томонидан тасдиқланмаган диний материалларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва тарқатишни тақиқлаш каби қоидалар борасида жиддий хавотир билдирди.

Ўз эътиқодига амал қилишда давлат рухсат берган чегарадан чиқадиган мусулмонлар давлат органлари томонидан сохта диний экстремизм билан боғлиқ жиноий айбловлар билан таъқибга олинмоқда. 2020 йил ноябрь ойида Ислом динига доир масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилгани учун экстремизм билан боғлиқ айбловлар билан 4 йилдан 11 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган етти нафар мусулмон шу йилнинг январь ойида қамоқ жазосини ўтай бошлади. Ҳукуматни диний масалаларда очиқ танқид қилган Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан июль ойида ички ишлар органлари томонидан экстремизм билан боғлиқ айбловлар қўйилди ва у уч ойга тергов ҳибсхонасига жўнатилди.

Йиғилиш эркинлиги

2020 йил август ойида эълон қилинган «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ҳам 2021 йилда тўхтаб қолди. Март ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Aхборотлаштириш тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартишларга кўра, блогерлар ва бошқа шахсларга интернет тармоғи орқали “белгиланган тартибни бузган ҳолда” норозилик намойишларида қатнашишга чақириш тақиқланди. 2021 йил давомида вақти-вақти билан ижтимоий ва иқтисодий муаммолар юзасидан кутилмаганда юзага келган кичик норозилик намойишлари бўлиб турди.

Жинсий ориентация ва гендер мансублик

Жиноят кодексининг 120-моддасига кўра, Ўзбекистонда ўзаро розилик асосида бир жинсли муносабат ўрнатадиган эркаклар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинади, жиноий жавобгарликка тортилади ва қамоққа олинади ва энг кўпи билан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Шунингдек, бесоқолбозлар полиция ва нодавлат ташкилотлар томонидан таҳдид ва товламачилик ҳолатларига дуч келмоқда. Қайта кўриб чиқилиши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси лойиҳасида 154-моддада назарда тутилган жиноят таркиби ўзгаришсиз сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва судларида эркакларни ўзаро розилик асосидаги бир жинсли муносабатлар учун жиноий жавобгарликка тортиш учун 2017-2021 йилларда ўтказилган мажбурий аналь текширув хулосаларига таянилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, бундай текширувлар зўравонлик ва қийноқларнинг бир шакли ҳисобланади.

Аёллар ҳуқуқлари

Ўзбекистонда эркак ва аёллар ўртасидаги чуқур тенгсизлик сақланиб қолмоқда. Оиладаги зўравонлик жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Оиладаги зўравонлик учун ҳам, турмуш ўртоғи томонидан жинсий зўравонлик учун ҳам аниқ жиноий жавобгарлик белгиланмаган ва февраль ойида эълон қилинган Жиноят кодекси лойиҳасида ҳам оиладаги зўравонлик билан боғлиқ алоҳида жиноят таркиби киритилмаган. Январь-март ойлари давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича 11 070 та шикоят рўйхатга олинган. Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича давлат комиссияси 2019 йилда зўравонликка учраган аёллар учун мўлжалланган 197 та реабилитация ва мослашиш марказлари очилгани ҳақида хабар берган бўлса-да, ОAВда июнь ойида берилган хабарга кўра, бундай марказларнинг кўпчилиги “мавжуд эмас” ёки мўлжалланган мақсадларда “ишлатилмаяпти”.

Мажбурий меҳнат

Ўзбекистонда пахта секторида мажбурий меҳнатни қисқартириш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) январь ойидаги ҳисоботида 2020 йилги пахта теримида тизимли мажбурий ёки болалар меҳнати кузатилмагани тўғрисида хулоса берилган бўлса-да, “[теримчиларнинг] тўрт фоизга яқини, яъни тахминан 80 минг киши бевосита ёки тахмин қилинган мажбурлаш шаклларига дучор бўлгани таъкидланган. ХМТ “пахта теримида қонун бўйича белгиланган меҳнатга лаёқатли ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар иштирок этган бир-иккита ҳолатлар кузатилган», деб ҳисобот берган. Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг мавжуд эмаслиги шу пайтгача эришилган ютуқларнинг барқарорлигига путур етказмоқда.

Қочқинлар

Толибон ҳаракати қўшни Aфғонистон устидан назоратни қўлга киритгач, Ўзбекистон самолётларга ёқилғи қуйиш ва йўловчиларга хавфсиз учинчи давлатларга ўтиб кетиш имконини бериш орқали эвакуация ишларига ҳисса қўшди, бироқ афғон қочқинлари учун қуруқликдаги чегарасини ёпди ва мамлакатдан қочаётган ва хавф остида бўлган афғонлар учун халқаро ҳимоя тақдим этишни ҳануз рад этмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1951 йилги Қочқинлар тўғрисидаги конвенциясини имзоламаган.

Асосий халқаро субъектлар

Январь ойида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. Ўзбекистон ҳукумати ўз ваколати даврида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни илгари суриш бўйича янги аъзолар мажбуриятини имзолади.

Европа Иттифоқи апрель ойида Ўзбекистонга Преференциялар бош тизими доирасида бир томонлама савдо имтиёзларини тақдим этди. Бу имтиёзлар инсон ҳуқуқлари бўйича асосий шартномаларни ратификация қилиш ва амалга ошириш шарти билан берилади, аммо Ўзбекистоннинг уларга риоя этиши борасида доимий хавотирлар сақланиб қолмоқда. Июнь ойида Европа Иттифоқининг Aдлия ва ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича қуйи қўмитаси сўз ва йиғилиш эркинлиги, нодавлат ташкилотларни рўйхатга олиш ва камситилишга қарши кураш билан боғлиқ «хавотирларини қайд этди» ва Ўзбекистонни блогерлар ёки намойишчиларга қилинган ҳужумларни текширишга чақирди. Октябрь ойида ЕИ Ўзбекистондаги президентлик сайловларида ҳақиқий рақобат бўлмаганидан “афсусда” эканини билдирди.

Июль ойида AҚШга сафари чоғида Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашиб, AҚШ-Ўзбекистон муносабатларини “муҳим аҳамиятга эга” деб атаган, AҚШ эса “Ўзбекистонда давом этаётган ислоҳотларни, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва демократияни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаши”ни таклиф қилган эди. Октябрь ойи бошида AҚШ Давлат котиби ўринбосари Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси президенти ва ташқи ишлар вазири билан учрашди ва “демократик ислоҳотларни давом эттириш ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади”.